Бу ерда Рислиғой Ҳотамова ижоди билан таниша оласиз

пятница, 25 марта 2016 г.

Минг йиллик ҳижроннинг ҳижолатидан,


Менга ҳам осонмас сендан айрилиш,
Аммо иложим йўқ, кетаман энди.
Сенга етолмадим, кучлидир тақдир,
Билмадим, қайларга етаман энди.

Оғриқ тишлаб олди жон томиримни,
Аранг олаяпман нафасимни ҳам.
У дунё ва қабр даҳшатини деб,
Унутдим орзую ҳавасимни ҳам.

Минг қайта термулдим суратларингга,
Улар жонланмади, мадорим кетди.
Ичикиб ўляпман суҳбатларингга,
Кечиб бўлмайдиган сафарим етди.

Оҳ, бу ташналикнинг таърифи йўқдир,
Жилмайсанг, бир қадам наридан кўрсам…
Минг йиллик ҳижроннинг ҳижолатидан,
Қани бир дақиқа ёнимда бўлсанг.

Қутирма изтироб, ғажима алам,
У ҳам бефарқ эмас, у ҳам севарди.
Бир оғиз “Беморман”, деганимдами,
Ҳаёл тезлигида етиб келарди.

Панжангни бўғзимдан олгин ҳақиқат,
Ўзи етмаяпти, шундоқ ҳам ҳаво.
Уялиб, қизариб ёнингга борсам,
Ўзинг кечир энди мени жон Худо!

Комментариев нет:

Отправить комментарий